ORTGA Sizning natijangiz 0%

Ҳимоя ордери нима ва у кимларга берилади?

11:12 - 19.11.2024
396

Ўзбекистон Республикасининг “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 32-моддасидан 35-моддасига қадар зўравонликдан жабрланувчиларга ҳимоя ордери бериш тартиб-таомилларига бағишланади.

Қонун бўйича ҳимоя ордери бериш тартиби қандай?

- ҳимоя ордери ички ишлар органлари томонидан берилади.

- ордер зўравонликдан жабрланувчига ёки унинг қонуний вакилига ваколатли давлат органи иштирокида топширилади;

- зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахсга ҳимоя ордерининг нусхаси берилади;

- зўравонлик содир этган шахс ўн олти ёшга тўлмаган ҳолларда ҳимоя ордери берилмайди.

Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати қанча? Уни узайтириш мумкинми?

- ҳимоя ордери ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда, зўравонлик факти ёки унинг содир этилиши таҳдиди аниқланган пайтдан эътиборан 24 соат ичида 30 кун муддатгача берилади ва расмийлаштирилган пайтдан эътиборан кучга киради.

 - агар таҳдид ҳали бартараф этилмаган бўлса, ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати зўравонликдан жабрланувчининг ёки унинг қонуний вакилининг аризасига кўра, жиноят ишлари бўйича суд томонидан кўпи билан бир йилга узайтирилиши мумкин. Бунда ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати зўравонликдан жабрланувчи 18  ёшга тўлгач тугаши ҳисобга олинган ҳолда узайтирилиши керак.

- ҳимоя ордерини бериш ёки ҳимоя ордери берилишини ёхуд унинг амал қилиш муддати узайтирилишини рад этиш устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарорда нималар назарда тутилиши лозим?

- ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарор қабул қилинган вақт ва жой ҳақидаги маълумотлар, қарорни қабул қилган суднинг номи, судьянинг, тарафларнинг, ишда иштирок этган бошқа шахсларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми;

- зўравонликдан жабрланувчининг ҳамда зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахснинг, шунингдек, уларнинг қонуний вакилларининг фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган санаси ва жойи, машғулотининг тури ҳамда яшаш жойи.

Ҳимоя ордерининг мазмун-моҳияти нималардан иборат?

- у расмийлаштирилган сана ва жой;

- уни расмийлаштириш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатлар;

- зўравонликдан жабрланувчининг ҳамда зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган санаси ва жойи, касби ҳамда яшаш жойи;

- ушбу Қонуннинг 35-моддасида назарда тутилган чекловларнинг рўйхати;

- ҳимоя ордерида зўравонликдан жабрланувчининг судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тўғрисидаги, зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахснинг ҳимоя ордери талабларини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарлиги ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади.

Ҳимоя ордерида қандай чекловлар назарда тутилган?

- зўравонликдан жабрланувчига нисбатан зўравонлик содир этилишини тақиқлаш;

- зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахснинг зўравонликдан жабрланувчи билан алоқасини тақиқлаш (иш жойларида ва таълим муассасаларида зўравонликдан жабрланувчининг зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахс билан билвосита алоқасига йўл қўйилади);

- зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахснинг зўравонликдан жабрланувчи билан бир хонада ёки транспорт воситасида бирга бўлишини тақиқлаш;

- зўравонликдан жабрланувчининг даволаниш, маслаҳат олиш харажатларининг, уни зўравонликдан жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказга жойлаштириш харажатларининг, жабрланувчига етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш, шунингдек, маънавий зиённи компенсация қилиш мажбуриятини зўравонлик содир этган шахснинг зиммасига юклатиш;

- зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахснинг қуролни (бундан хизмат қуроли мустасно) сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқини ҳимоя ордерининг амал қилиши даврида ёки унда кўрсатилган муддат даврида чеклаш ёхуд тақиқлаш, шунингдек, қурол сотиб олиш учун рухсатнома олишга доир ҳуқуқини тақиқлаш.

Chat