ORTGA Sizning natijangiz 0%

Ногиронлиги бўлган болаларнинг тиббий-ижтимоий ҳимояга бўлган ҳуқуқи

11:30 - 07.03.2024
710

Ногирон болалар тиббий-ижтимоий ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлиб, бу профилактика, даволаш-ташхис қўйиш, реабилитация, санаторий-курорт, протез-ортопедия ёрдамини, ҳаракатланиш воситалари билан имтиёзли шартларда таъминланишни ва бошқа ёрдам турларини ўз ичига олади.

Ногиронлиги бўлган болалар давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида бепул тиббий-ижтимоий ёрдам олиш ва ўз уйларида парвариш қилиниш ҳуқуқига эга.

Жисмоний ва (ёки) руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган болаларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш тартиби, уларга бериладиган имтиёзлар рўйхати қонунчилик билан белгиланади.

 

Жисмоний ва (ёки) руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган болалар ота-онаси ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахсларнинг аризасига кўра Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети, ҳомийлик ва бошқа жамғармаларнинг маблағлари ҳисобидан, шунингдек ота-онаси ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахсларнинг маблағлари ҳисобидан ижтимоий муҳофаза тизими муассасаларида сақланишлари мумкин.

Ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий ёрдам маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, соғлиқни сақлаш, халқ таълими органлари, бошқа давлат органлари томонидан тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларининг хулосалари асосида кўрсатилади.

Ногиронлиги бўлган, ўзига ўзи хизмат кўрсатиш қобилиятини қисман ёки тўлиқ йўқотган ва ўзгаларнинг доимий парваришига муҳтож бўлган шахсларга уларнинг уйида ҳамда ваколатли давлат органларининг ихтисослаштирилган стационар муассасаларида қонунчиликда белгиланган тартибда хизматлар кўрсатилади. Бу муассасаларда ижтимоий хизматлар кўрсатиш билан бир қаторда ҳаёт фаолияти учун тегишли шарт-шароитлар таъминланади, тиббий хизматлар кўрсатилади, шунингдек меҳнат фаолияти ва дам олиш ташкил этилади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ногиронлиги бўлган шахсларга маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қўшимча ижтимоий кафолатлар белгилаш ҳуқуқига эга.

Chat